ДТИА

ДТИА нинг намунавий таркиби

                                                           Дастлабки техник-иқтисодий асослаш (ДТИА)нинг

                                                                            НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


1. Лойиҳанинг мақсади.

2. Объектнинг тавсифи - ишлаб чиқариш ва транспорт инфратузилмасининг мавжудлиги ва улардан фойдаланиш имкониятлари, ишчи кучлари мавжудлиги, ижара қиймати, ишлаб чиқариш бинолари ва ёрдамчи биноларни сотиб олиш ёки уларни янгидан қуриш имконияти ва бошқалар.

3. Шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда, корхона (иншоот)ни жойлаштириш райони ва пунктини танлашнинг асосланиши.

4. Архитектура-қурилиш ва ҳажмий-режалаштиришнинг принципиал ечимлари ва уларнинг асосий кўрсаткичлари.

5. Қуриш ва ишлатишда зарарли ташланмалар ва оқова сувларнинг тавсифи ва ҳажми, атроф-муҳитни ифлослантиришнинг олдини олиш тадбирлари.

6. Объектни муҳандислик жиҳатидан таъминлаш ва жиҳозлаш (сув билан таъминлаш, канализация, иссиқлик, газ, электр энергияси билан таъминлаш, иситиш, шамоллатиш ва ҳаво ҳароратини мақбуллаштириш) бўйича принципиал ечимлар.

7. Технологиянинг тавсифи ва технология асбоб-ускуналари вариантларининг асосий кўрсаткичлари (қуввати, энергетика ва моддий ресурслар истеъмоли ва бошқалар).

8. Маркетинг тадқиқотлари натижалари, улар:

ташқи ва ички бозорлар конъюнктурасини ўрганишга асосланган тайёр маҳсулотни ички бозорда сотиш, шунингдек экспорт қилиш имкониятларини;

потенциал истеъмолчилар томонидан тўлашга қодир талаб ва рақобатчилар томонидан таклиф ўрганилганлигини;

маҳсулотнинг сифат ва нарх кўрсаткичлари бўйича рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирларининг мавжудлигини;

лойиҳанинг энг аввало арзон нархдаги, талаб қилинадиган миқдор ва сифатдаги маҳаллий хом ашё ва бошқа моддий ресурслар билан таъминланганлигини;

асбоб-ускуналарга қўйиладиган асосий талабларни, табиий-иқлим, ишлаб чиқариш омиллари ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда ватанимиз технологияларини ва хорижий технологияларни қиёслаш таҳлилига асосланган самарали ишлаб чиқариш технологияси, принципиал техник ечимлар танланганлигини;

таклиф этилаётган ишлаб чиқаришнинг мақбул ҳажмини;

лойиҳани амалга ошириш, шу жумладан унинг инвестиция фазаси муддатларини тасдиқлаши керак.

9. Лойиҳа ташаббускорининг молиявий аҳволи ва унинг лойиҳани амалга ошириш бўйича имкониятлари таҳлили.

10. Лойиҳа ташаббускорининг техник ва молиявий имкониятларига асосланган лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки схемаси, лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўладиган ресурсларнинг мавжудлиги ва қиймати (шу жумладан ЭМВда).

11. Танланган вариант асосида қурилишнинг чекланган қиймати, шу жумладан инжиниринг кузатувига, ДТИАни ва лойиҳанинг якуний техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқишга, технология асбоб-ускуналарига, ер участкаси ажратишга, бинолар ва иншоотлар қурилишига харажатлар, шунингдек айланма капиталнинг, жалб этиладиган кредитлар бўйича молиявий чиқимлар ва бошқаларнинг ЭМВ ва миллий валютадаги қиймати.

12. Харажатлар бўйича молиявий ресурсларга эҳтиёжнинг ҳисоб-китоблар вариантлари асосида, шу жумладан жалб қилинаётган маблағлар ва уларнинг лойиҳани самарали амалга оширишни таъминлаш имконини берадиган жалб қилиш шартларини аниқлаш.

13. Лойиҳа таваккалчиликларининг таҳлили.

14. Нақд пул оқимлари дисконтини ҳисобга олган ҳолда, барча инвестициялар базасида ҳисоблаб чиқилган лойиҳанинг ЭМВдаги молиявий-иқтисодий самарадорлигининг, ўзини ўзи қоплаши муддатининг, назарда тутилган кредитларни қайтаришнинг ҳисоб-китоблари.