Ишлаб чиқариш

Инвестиция лойихалари хужжатларини ишлаб чикариш, экпертизадан утказиш ва тасдиклашВазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 7 июндаги "Инвестиция лойиҳалариҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида»ги 110-сонқарорининг 1-иловасида белгиланган тартибга мувофик амалга оширилади.

1. Низом:

а) марказлаштирилган манбалар ресурслари ҳисобига амалга ошириладиган (Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари, айрим тармоқлар ва корхоналарнинг Ҳукумат қарорлари билан ташкил этилган махсус жамғармалари маблағлари, Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ёки номидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари) инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини;

б) улар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари асосида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар бериш назарда тутилаётган инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини;

в) маҳсулот тақсимотига оид битимларга мувофиқ амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини;

г) устав фондида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар томонидан марказлаштирилмаган манбалар ҳисобига амалга ошириладиган, қиймати 10 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини;

д) молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, стратегик фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашни назарда тутувчи, қиймати 10 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартибини белгилайди.

 2. Низомнинг амал қилиши Ҳукумат қарорлари билан инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашнинг алоҳида тартиби белгиланган инвестиция лойиҳалари ҳужжатларига татбиқ этилмайди.

Низом мақсадлари учун қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

инвестиция лойиҳаси (лойиҳа)- иқтисодий, ижтимоий ва бошқа манфаат кўриш мақсадида инвестициялар киритган ҳолда олдиндан белгиланган муддат мобайнида амалга ошириладиган ўзаро боғлиқ тадбирлар ва ишлар комплекси;

лойиҳаолди ҳужжатлари- қабул қилинган параметрларга кўра лойиҳани амалга оширишнинг имконияти ва мақсадга мувофиқлигини, шунингдек унинг ҳаётийлигини асослаб берувчи ҳужжатлар йиғиндиси. Лойиҳаолди ҳужжатларига лойиҳанинг техник-иқтисодий асослаши (техник-иқтисодий ҳисоблаши), материаллар ва асбоб-ускуналар етказиб бериш, қурилиш-монтаж ишларини ва ишларнинг бошқа турларини бажариш юзасидан тендер ўтказиш учун танлов ҳужжатлари; лойиҳанинг якуний техник-иқтисодий асослаши ёки техник-иқтисодий ҳисоблаши, шунингдек молиявий таклифлар ва/ёки кредит ва инвестиция шартномалари (пул маблағлари жалб этилган тақдирда) киради;

лойиҳа ҳужжатлари- ишчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун зарур бўлган архитектура-шаҳарсозлик ечимлари ва техник ечимларни, қурилишнинг смета қийматини ўз ичига олувчи ҳужжатлар. Лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланган техник-иқтисодий асослаш асосида ишлаб чиқилади;

дастлабки техник-иқтисодий асослаш ёки дастлабки техник-иқтисодий ҳисоблаш (кейинги ўринларда ДТИА ёки ДТИҲ деб аталади)- вариантларни кўриб чиқиш асосида лойиҳани оқилона жойлаштириш ва амалга оширишнинг энг самарали техник, ташкилий ва иқтисодий ечимини танлашни, умуман лойиҳанинг чекланган қийматини, шу жумладан, технологик асбоб-ускуналар қийматини асословчи, уни молиялаштиришнинг мумкин бўлган манбалари бўйича вариантларни ҳисобга олган ҳолда молиялаштиришга бўлган эҳтиёж ҳажмини белгиловчи ҳужжат;

якуний техник-иқтисодий асослаш ёки техник-иқтисодий ҳисоблаш (кейинги ўринларда ТИА (ТИҲ) деб аталади)- инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг танлов савдолари асосида ва лойиҳани молиялаштириш шартларини ҳисобга олган ҳолда аниқланган якуний, энг самарали техник, ташкилий ва молиявий-иқтисодий ечимларини белгиловчи лойиҳаолди ҳужжати;

ишчи лойиҳа- чекланган қиймат ва иш ҳужжатларига эга бўлган асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлар билан тасдиқланадиган қисмдан иборат ҳужжат;

халқаро молия ва иқтисодиёт институтлари (кейинги ўринларда ХМИИ деб аталади)- давлатлараро битимлар асосида ташкил этилган, Ўзбекистон Республикасида инвестиция лойиҳаларини молиялаштирувчи/биргаликда молиялаштирувчи институтлар;

хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (кейинги ўринларда ХҲМТ деб аталади)- Ўзбекистон Республикасида инвестиция лойиҳаларини молиялаштирувчи/биргаликда молиялаштирувчи хорижий ҳукумат молия ташкилотлари;

бошқа тармоқлар- "Ўзбекистон Республикаси иқтисодий фаолияти турлари классификатори"га мувофиқ давлат бошқаруви тоифасига киритилган тармоқлар;

стратегик фойдали қазилмалар- қимматбаҳо, рангли ва нодир ер металлари, углеводородлар, кўмир, уран.